Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро савдо ҳажми рекорд даражага етиши мумкин
Узоқ муддатли истиқболда товар айирбошлашни 10 миллиардга етказиш мақсад қилинган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларининг Оқўрда қароргоҳидаги музокараларида икки томонлама ҳамкорликинг устувор йўналиши — савдо-иқтисодий ҳамкорликда эришилаётган натижалар мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми қарийб 40 фоизга ошиб, бу борада рекорд кўрсаткич – 4 миллиард долларга эришиш кутилмоқда. Музокаралар чоғида товар айирбошлашни келгуси йилда 5 миллиардга, узоқ муддатли истиқболда эса 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Хусусан, музокараларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни икки томонлама ва минтақа кун тартибидаги барча йўналишларда янада ривожлантириш масалалари батафсил кўриб чиқилган.
Шавкат Мирзиёев ўз баёноти аввалида Қозоғистон халқини мустақилликнинг 30 йиллиги билан яна бир бор табриклаган.
Шунингдек, кейинги йилларда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларига асосланган Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларида улкан ўзгаришлар рўй бераётгани таъкидланган.
Ўзбекистон етакчиси бугун тарихий қарор қабул қилиниб, икки томонлама ҳамкорлик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилгани, бу биродар халқларнинг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиқиб, уларга тўлиқ мос эканини қайд этган.
«Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги замирида бир-биримизни тўлдириб туриш борасидаги улкан салоҳиятдан фойдаланишга интилиш ҳам мавжуд. Биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш ниятидамиз», — дейди Шавкат Мирзиёв.
Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюргани, Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтгани хабар қилинганди.






