Ўзбекистонда келгуси 5 йил ичимлик суви таъминоти учун 40 трлн сўм инвестиция жалб қилинади
Сўнгги беш йил давомида аҳоли сув таъминотини яхшилаш бўйича 10 триллион сўм ажратилган.

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент келгуси беш йилда ичимлик суви таъминоти соҳасига 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув тизими қамровини 35 фоизга етказиш режалаштирилганини маълум қилган.
Жорий йилда ушбу мақсадлар учун 2 триллион сўм бюджетдан ажратилади, 245 миллион доллар жалб этилади.

«Асосий эътиборни сув таъминоти ва сифати паст ҳудудларни ривожлантиришга қаратамиз», — дейди давлат раҳбари.
Бу борада қўлланиши керак бўлган 3 та тажриба кўрсатиб ўтилди:
Наманган вилоятининг 85 та маҳалласи учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 260 км тармоқ тортиб, 8 та қудуқ қазиб, 8 та сув минораси қурилган. Натижада 25 минг аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.
Балиқчи, Поп, Учқўрғон, Қўштепа ва Қуванинг 6 та маҳалласида вазирликнинг ижтимоий буюртмаси асосида 7 та сув иншооти ва 117 км тармоқ қурилиб, 20 мингдан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланмоқда.
Юқоридаги имкониятлар бўлмаган маҳаллаларда ташиб келинадиган сув ҳисобига 25-50 тонналик марказий сув ҳовузи қуриб, хонадонларга тармоқ ўтказса бўлади.
«Сўнгги беш йил давомида аҳоли сув таъминотини яхшилаш бўйича 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратдик. Бу даврда илк бор 6,5 миллион аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди», — дейди давлат раҳбари.
2021 йилда 6300 километрга яқин ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилгани, 474 та сув иншоотлари қурилгани, 592 та маҳаллада 2,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшилангани таъкидланган.






