Ўзбекистонда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 10 млрд сўмгача грант ажратилади
Грант маблағлари мамлакатда туризмни ривожлантириш бўйича ташаббусларни амалга оширишга йўналтирилади.

Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард сўмгача грант ажратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, «Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинган.
Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 январгача туризм субъектлари ва авиаташувчиларнинг хориждан Ўзбекистонга чартер рейслари учун харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун (камида 5 кеча тунаганда) 10 доллар, қишда (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 25 доллар миқдорида давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 майдан ёшларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир ташаббускорга 50 миллион сўм миқдорида, жами 10 миллиард сўмгача грантлар ажратилади.
Бунда грант маблағлари:
- онлайн тўловларни қабул қилувчи веб-сайт яратишга, хориждаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;
- грант маблағлари хориждан Ўзбекистонга 3 йил камида 200 нафар туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.
Таъкидланишича, Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш 2021 йил 1 сентябрдан тўхтатилган. Шу сабабли 2022 йил 1 февралдан 2023 йил 1 январгача жамғармага ҳар ойда 2,5 миллиард сўм миқдорида қўшимча маблағлар давлат бюджетидан ажратилади.
Ушбу маблағлар ҳудудлардаги салоҳиятли туризм объекти ва масканларини туристлар ташрифи учун тайёрлаш ва уларни тарғиб қилиш каби мақсадлар учун сарфланади.
Фармон билан шунингдек, қадамлар учун пул тўлаш тартибига ўзгартириш киритилган. Унга мувофиқ, эндиликда 1 суткада 10 минг ва ундан кўп қадам юрган 18 ёш ва ундан катта фуқаролар ўртасида ютуқли ўйинлар ўтказилади.
Қайд этилишича, ҳар ой якунида ютуқли купонлар ўртасида қимматбаҳо совринли ўйинлар ўтказилади. Илгари юқоридаги талабларга мос фуқароларга кунлик 3 минг сўмдан тўланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳунармандларга имтиёзли кредитлар ажратилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун 100 миллион евро қарз олиниши ҳақида хабар берилди.






