Ўзбекистонга 2022 йилда пул ўтказмалари қарийб 17 млрд долларни ташкил этди. Бу 2021 йилга нисбатан 2,1 баравар кўп
Ўзбекистонга 2022 йилда 16,9 миллиард долларлик пул ўтказмалари кириб келган бўлиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,1 баробарга ортиқни ташкил этди. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов пул ўтказмалари нима сабабдан кескин ошганига тушунтириш бериб ўтди

Ўзбекистонга 2022 йилда 16,9 миллиард долларлик пул ўтказмалари кириб келган бўлиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,1 баробарга ортиқни ташкил этди. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов пул ўтказмалари нима сабабдан кескин ошганига тушунтириш бериб ўтди.

Марказий банк раисининг таъкидлашича, пул ўтказмалари ошганига қарамай, монетар кўрсаткичларда бу 17 миллиард долларнинг ҳаммаси ялпи талабни шакллантиришда хизмат қилади, деб айтиш нотўрғи. Шундан 11,5–12 миллиард доллар атрофидаги ўтказмалар ялпи талабни шакллантиришга таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади.
«Хабарингиз бор, қўшни Қирғизистон, қўшни Тожикистонда 2022 йилда нақд валютада маълум жиҳатдан тақчиллик кузатилди ҳамда банкларда чекловлар ўрнатилди. Ушбу шароитда Ўзбекистон банклари орқали қўшни давлатлар фуқаролари пул ўтказмаларини амалга оширди. Буни рақамлар билан ифодалаш мушкул. Чунки пул ўтказмаларини тарқатаётганда қайси давлат фуқароси эканлиги сўралмайди. Юборган коди бўйича берилади. Лекин бу тенденцияни қўшни давлатлардан чегара олди ҳудудларга кириб келаётган фуқаролар сони ўзгаришига қараб кузатиб боряпмиз», — деди у.
Шунингдек, пул ўтказмаларининг юқори ўсишига яна бир омил сифатида геосиёсий вазиятдаги кескинлашув ҳам сабаб бўлгани қайд этилди. Экспортёрлар авваллари маблағини нақд пул кўринишида олиб кирган бўлса, 2022 йилда банклар орқали пул ўтказмалари шаклида олиб киришга мажбур бўлди.
«Россияда нақд доллар тақчиллиги ва курс ўртасидаги сезиларли фарқ уларни пул ўтказмалари орқали ишлашга мажбур қилди. Шуларнинг таъсирида биз 2 баробар ўсишни кўрдик», — деди Нурмуродов.
Аввалроқ Марказий банк 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5–5 фоизга ўсиши ва йиллик инфляциянинг 8,5-9,5 фоиз доирасида шаклланишини прогноз қилгани ҳақида хабар берилганди.






