Президент 2026 йилгача қуёш ва шамол электр станциялари қувватини 8 минг мегаваттга етказишни белгилаб берди
Ўзбекистонда 5 йилда қуёш ва шамол электр станцияларини қуришга 6 млрд доллар сарфланади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг айтишича, 2026 йилга қадар қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 8 минг мегаваттга етказиш зарур (аввалги режада 8 минг мегаватт қувватни 2030 йилгача барпо этиш белгиланган эди).
Шунингдек, йирик саноат корхоналари ҳам ўз энергия таъминоти бўйича қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиши учун зарур шароитлар яратиш керак. Худди шундай, аҳоли ва тадбиркорларни қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини қўллаб-қувватлаш лозим.
«Келгуси беш йилда 8 минг мегаваттли қуёш ва шамол электр станцияларини қуришда қарийб 6 миллиард долларлик бутловчи қисм ва материаллар харид қилинади. Шу муносабат билан уларни маҳаллийлаштириш чораларини кўриш лозим», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, барпо этиладиган электр станцияларига минг нафардан зиёд муҳандис ва қарийб 3 минг нафар ўрта бўғин мутахассислари талаб этилади. Шунинг учун йил якунига қадар Навоийда қайта тикланувчи энергия соҳасида кадрлар тайёрлаш маркази ишга туширилади. Навоий, Сирдарёдаги ўқув марказларида халқаро стандартлар асосида йилига 200 нафар малакали мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.
Аввалроқ Президент Тошкент шаҳридаги лойиҳалар билан танишгани хабар қилинганди. Шунингдек, Энергетика вазирлиги электр таъминоти яхшиланганини маълум қилгани ҳақида хабар берилди.






