Қозоғистонлик блогер Ўзбекистон қанчалик тез ривожланаётгани акс этган видео тайёрлади
У видео сарлавҳасига «Ўзбекистон Қозоғистондан ўзиб кетишга қандай тайёрланмоқда?» дея ном берган

Қозоғистонлик блогер Бейбит Алибеков Тошкент шаҳрида Ўзбекистон қанчалик тез ривожланаётгани акс этган ролик тайёрлади. У видеони ўзининг Instagram’даги саҳифасида эълон қилди.
Блогер видеонинг сарлавҳасига «Ўзбекистон Қозоғистондан ўзиб кетишга қандай тайёрланмоқда?» дея ном берган.
«Тошкентда бир кун бўлдим ва шаҳар қандай ўсиб бораётганига ҳайрон қолдим. Ишлаб чиқувчиларнинг айтишича, бунда ҳозирги ҳокимнинг хизматлари катта», — деб ёзади блогер.
Алибековнинг ёзишича, блогер Тошкентда ишбилармонлар билан қандай қилиб қулай сармоявий муҳит яратилгани, давлат қурувчиларга қандай ёрдам бераётгани, ҳокимият томонидан шаҳар ривожи учун қандай шароит яратилгани, иқтисодиётнинг барча жабҳалари — қурилиш, ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳақида суҳбатлашган.
«Минтақада етакчилик учун рақобат борлиги яхши, умид қиламанки, бу бизнинг ҳокимият, бизнес ва халқимизни олға интилишга ундайди. Қўшнилар бой бўлиши керак»,— дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ Ўзбекистонда суғуртанинг барча турлари электрон амалга оширилиши маълум қилинганди.






