Шавкат Мирзиёев ипотека бўйича яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини танқид қилди
«Янги Ўзбекистон» массивлари сони 29 тагача оширилиши белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека тизимида ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжудлигини таъкидлади. Бу ҳақда Президент раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, Президент 1 декабрь куни аҳолини уй-жой ва яшаш манзилига яқин жойларда иш билан таъминлаш бўйича «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш дастури лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, массивлар сони 29 тагача кўпайтирилганини таъкидлаган.
Қайд этилишича, давлат раҳбари уй-жой қурилиши ва ипотека тизимида ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжудлигини кўрсатиб ўтган. Булар жумласига ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча камлиги киради. Хусусан, Хонқа туманида 5 мингта янги уй-жойга талаб бўлсада, келгуси йилда атиги 464 та (талабнинг 9 фоизи) уйлар қуриш режа қилинган.
Шунингдек, жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун қиймати 255 миллиард сўмлик 950 та қурилган хонадон сотилмасдан тураётгани таъкидланган. Шу билан бирга, ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 триллион сўм субсидиядан 220 миллиард сўми ишлатилган, холос. Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди.
Бундан ташқари, аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаётгани айтилди. Жумладан, уй-жой қуриладиган массивлар рўйхати тасдиқланган бўлсада, ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани боис, Тошкент вилоятида 2,7 минг, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразмда 1,5 минг хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланмаган.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланаётгани танқид қилинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» массивлари лойиҳалари билан танишгани хабар қилинганди.






