
Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмлари такомиллиаштирилади
Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси «Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом (1);
- инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, манзилли тақсимлаш ва мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш ҳамда инсонпарварлик ёрдами лойиҳаларини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом.
Низом (1) қуйидагиларни белгилайди:
- ташқи кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш;
- ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ва донорлар билан ҳамкорлик дастурларига қўшимча лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
- мониторинг қилиш ва битимлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
- ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини моддий-техник қўллаб-қувватлаш;
- Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги грантлар ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳа ташаббусларини ишлаб чиқиш, дастлабки танлаш ва келишиш жараёнларини мувофиқлаштириш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини ҳисобга олиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, Ўзбекистоннинг донорлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юкланган ваколатли органдир.
Белгиланишича, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, лойиҳалар ташаббускорлари сифатида, уларни ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ва донор билан ҳамкорлик дастурлари киритиш йўли билан бир лойиҳа бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларидан ошмайдиган грантларни жалб этади.
«Ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини электрон тарзда келишиш, мониторинг қилиш ва ҳисобга олиш» ахборот тизими қуйидагиларни назарда тутади:
- Дастурларни шакллантириш, келишиш ва ҳисобга олиш жараёнларини рақамлаштириш;
- муддатларга риоя қилиш ва ташқи беғараз кўмак лойиҳалари кўрсаткичларига эришишни мониторинг қилиш;
- жалб қилинган ва ўзлаштирилган грантларнинг ҳажми ва йўналишлари, донорлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг амалга оширилишининг бориши тўғрисида ишончли ва ҳамма учун очиқ маълумотлар ва улар билан боғлиқ бошқа маълумотларни шакллантириш;
- лойиҳалар ташаббускорларига ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини жалб қилиш ва самарали амалга ошириш, лойиҳалар паспортлари ва лойиҳа ҳужжатларини сифатли тайёрлаш масалалари бўйича, шунингдек донорларга – грантлар ажратиш йўналишлари ва географияси тўғрисида маслаҳатлар бериш.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29 декабрдар кучга кирди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz





