Янги лавозимга тайинланган NATO бош котиби, бойлиги кескин ошган Жефф Безос ва Apple’дан янги iPhone — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2022 йилнинг 4 февраль санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Бойлиги кескин ошган Жефф Безос
Миллиардер, Amazon асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги компания акциялари ўсиши билан 15 миллиард долларга ошди. Маълумотларга кўра, Amazon асосчисининг бойлиги 15,2 миллиард долларга (9,21 фоиз) ўсган. Forbes унинг бойлигини 178,8 миллиард долларга баҳолайди, тадбиркор ҳанузгача дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Тадбиркорнинг капитали компания акцияларининг ўсиши фонида кўпайди: премаркетда улар 12 фоиздан кўпроққа кўтарилган. Савдолар очилгандан сўнг Amazon қимматли қоғозларининг ўсиши секинлашган: улар 10,5 фоиз қўшилган ҳолда 3068 доллардан сотилган.
Amazon акцияларининг ўсиши компаниянинг 2021 йилнинг тўртинчи чораги натижаларидан кейин содир бўлган. Унинг йиллик даромади 9 фоизга ошиб, 137,4 миллиард долларни ташкил этган. Шунга қарамай, таҳлилчилар кутганидан (137,75 миллиард доллар) бироз пастроқ бўлиб чиққан.
Тикланаётган криптовалюта бозори
Биткоин кунига 9,6 фоизга ўсиб, 40 минг 305 долларга етди. Бу ҳақда Binance биржа маълумотларига таяниб, Bloomberg ёзмоқда.
Қайд этилишича, биткоин нархи октябрь ойи ўрталаридан бери энг юқори кўрсаткичга етган. Капиталлашув бўйича биткоиндан кейин иккинчи ўринда турувчи эфириум криптовалютаси кунига 12,4 фоизга ўсиб, 2942 долларга етган.
«Инвесторлар молиявий бозорлардаги ўзгарувчан ҳафтадан сўнг таваккалчилик иштаҳаси тикланганини кўрсатмоқда», деб ёзади нашр.
Энг йирик криптовалюталар Amazon’нинг ижобий ҳисоботидан сўнг тунги савдо пайтида кўтарила бошлаган.
«Amazon’нинг даромадлари Meta йўлидан кўра Apple, Microsoft ва Google ортидан кетгани инвесторларга хавф-хатарли савдони қайтадан бошлаш учун кўпроқ ишонч бағишлади», — дейди агентлик суҳбатдоши.
Facebook’нинг пасайиши охирги икки кун давомида биткоинга салбий таъсир қилган. 4 февраль куни эса Amazon акцияларининг ўсиши биткоин янада тиклана бошлаган.
Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақидаги хабар учун мукофот
Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган 15 нафар фуқарога 9 миллион сўм мукофот берилди. Маълумот учун, 2022 йил 1 январдан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида «Солиқ» мобил иловасининг «Солиқ ҳамкор» бўлими орқали хабар берган фуқароларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши белгиланган.
Жорий йил 1 январдан 4 февралга қадар «Солиқ ҳамкор» орқали йўллаган мурожаатлари ўз тасдиғини топган фуқароларга жами 17,5 млн сўм мукофот тайинланган бўлиб, айни пайтда 15 нафар фуқарога 9 миллион сўм мукофот тўлаб берилган.
Фуқаролар «Солиқ ҳамкор» орқали:
- чек бермаслик;
- банк пластик картаси орқали тўловни қабул қилишни рад этиш;
- банк пластик картаси орқали тўлов амалга оширилганда маҳсулотни қиммат сотиш;
- ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;
- маркировкаланиши керак бўлган маҳсулотни маркировкасиз (ёки қалбаки маркировка билан) сотиш ва шу каби солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар бериши мумкин.
Йўлланган мурожаат солиқ органлари томонидан ўрганилиб, ўз тасдиғини топган тақдирда ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи мукофот сифатида мурожаатчига тақдим этилади.
Акцияларини сотаётган Aramco
Дунёнинг энг йирик нефть компанияси Saudi Arabian Oil Co. (Aramco) биржага қўшимча 50 миллиард долларлик акцияларни жойлаштирмоқчи.
Ҳисоб-китобларга кўра, сотилаётган акциялар Aramco’нинг 2,5 фоизини ташкил қилади. Компания акцияларни сотишни 2023 йил охири ёки бошида якунлашни кутмоқда. Ҳозирда Aramco вакиллари Ар-Риёд фонд биржасига акцияларни жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бундан ташқари, улар Лондон ва Сингапур биржаларига қўйилиши ҳам мумкин. Таъкидланишича, улушнинг сотилиши тарихдаги энг каттаси бўлиши мумкин.
Айни пайтда Aramco капиталлашуви 1,3 триллион долларни ташкил этади. У Саудия Арабистони бюджетига даромадларнинг 80 фоизини олиб келади. Нашрнинг қайд этишича, бу улушнинг сотилиши қиролликнинг нефтга қарамликдан қутулишга уринаётган иқтисодиётни диверсификация қилиш стратегиясининг бир қисмидир.
Янги лавозимга тайинланган NATO бош котиби
NATO бош котиби Йенс Столтенберг Норвегия Марказий банки раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Норвегия ҳукумати веб-сайтида баёнот эълон қилинди.
«Норвегияда камдан-кам одам эга бўлган молиявий маълумот, жамиятни тушуниш ва бошқарув тажрибасининг мужассамлиги [Столтенберг]ни барчамиз номидан муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал қилувчи институт — Норвегия банки раҳбари лавозимига жуда мос келади», — деган Норвегия молия вазири Трюгве Слагсволд Ведум.
Қайд этилишича, Норвегия Марказий банкининг амалдаги раҳбари Эйстейн Олсен 1 март куни ўз лавозимини тарк этади, бироқ Столтенберг Шимолий Атлантика альянси раҳбари сифатидаги фаолиятини якунлаганидан кейингина бу лавозимни эгаллаши мумкин бўлади. Унинг ваколати 2022 йил 30 сентябрда тугайди.
Муваққат раҳбарликка Олсеннинг ўринбосари Ида Уолден Бах ўтади. Столтенберг 1 декабрда янги лавозимга киришиши кутилмоқда. Унинг ўрнига NATO бош котиби сифатида ким тайинланиши ҳозирча маълум қилинмаган.
АҚШдаги ишсизлик
АҚШда ишсизлик даражаси январь ойида 4 фоизга ошди. Маълумотларга кўра, январь ойида мамлакатда ишсизлик даражаси 4 фоизни ташкил этган, бу 2021 йил июнь ойидан бери илк ўсишдир. 2021 йил декабрь ойида ишсизлик 3,9 фоизни ташкил этган ва мутахассислар январь ойида бу кўрсаткич ўзгаришини кутмаганди.
Таққослаш учун, 2020 йилнинг февраль ойида, яъни пандемия бошланишидан олдин АҚШда ишсизлик 3,5 фоизни ташкил этган.
Яна бир кутилмаган жиҳат иш ўринлари сонининг сезиларли даражада ўсиши бўлган — 467 мингтага. Айни пайтда, фақат 150 мингта иш ўрни қўшилиши башорат қилинган ва баъзи экспертлар ҳатто уларнинг қисқаришини кутган. Энг кўп иш ўринлари дам олиш ва меҳмондўстлик саноатида қўшилган — 151 минг.
Шунингдек, савдо корхоналарига ихтисослаштирилган хизмат кўрсатиш соҳасида — 86 минг, чакана савдода — 61 минг. Шу билан бирга, мамлакатда иш ўринларининг умумий сони 2020 йил февраль ойида пандемия бошланишидан олдинги кўрсаткичдан 1,9 фоизга ёки 2,9 миллион кишига кам.
Apple’дан янги iPhone
Apple март ойида бюджетли iPhone’нинг янги версияси ва 5G’ни қўллаб-қувватлайдиган янгиланган iPad Air’ни тақдим этиши мумкин.
Маълум қилинишича, Apple март ойи бошида янги бюджетли iPhone ва 5G’ни қўллаб-қувватлайдиган янгиланган iPad’ни тақдим этишни режалаштирмоқда. Компания 8 март куни ёки шу санага яқин онлайн тақдимот ўтказиш ҳақида ўйлаяпти. Apple вакили компаниянинг режалари ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.
Янги смартфон икки йил ичидаги бюджетли iPhone SE моделининг биринчи янгиланиши бўлади. Унга 5G тармоқларидан фойдаланиш имконияти, яхшиланган камера ва тезлаштирилган процессор қўшилади. Аммо дизайн 2020 йил апрель ойида тақдим этилган версияга ўхшаш бўлади. iPhone SE’нинг биринчи версияси 2016 йилда чиқарилган.
Янги планшет тезроқ процессор ва 5G’ни қўллаб-қувватлайдиган iPad Air’нинг янгиланиши бўлади. iPad Air’ни биринчи версияси 2013 йил октябрь ойида пайдо бўлган ва ўшандан бери бир неча марта, жумладан 2021 йилда янгиланган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






