
Tesla’ни ортда қолдирган батарея ишлаб чиқарувчиси — BYD тарихи
20 йил олдин BYD компанияси ҳақида деярли ҳеч ким билмасди. Унинг логотипи Nokia ва Motorola мобил телефонларининг корпуслари остида яширинган эди. Ҳозир эса бу компания Хитой автомобиль бозорини эгаллади ва Европа ҳамда АҚШни забт этишга тайёр бўлган гигантга айланди.

2007 йилда автосалонларда намойиш этилган BYDʼнинг биринчи модели ғалати бинафша рангга, нотекис бўялган корпусга, сифатсиз эшикка ва жуда арзон кўринишга эга эди. Бу автомобиль Toyota Corolla’ни эслатсада, унинг бамперида ҳеч кимга нотаниш бўлган логотип бор эди.
Хитой автомобиль бозорининг таҳлилчиси Майкл Данннинг сўзларига кўра, ўша вақтда BYD «бутун саноат учун кулги» эди. Аммо 2023 йил натижаларига кўра, айнан шу «кулги» Tesla’ни ортда қолдирди: BYD дунё бўйлаб 3 миллион электромобиль сотди, Tesla эса 1,84 миллионта.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, BYD томонидан сотилган 3 миллион автомобилнинг 1,6 миллиони гибрид автомобиллар, Tesla эса фақат электр автомобилларни ишлаб чиқаради. Шунга қарамай, экспертларнинг фикрича, BYD яқин келажакда Tesla’ни соф электромобиль сегментида ҳам ортда қолдиради. Чунки ҳозирча BYD асосан Хитой бозорига эътибор қаратган эди, аммо 2022 йилдан бошлаб Осиёнинг бошқа мамлакатларига экспорт ҳажмини оширди ва 2023 йилда Европа ҳамда АҚШга чиқишга тайёргарлик кўрди. Ҳатто BYD Explorer №1 номли биринчи юк кемаси Нидерландияга 5 минг электромобиль етказиб беради. Бундан ташқари, BYD яқинда Мексикада электромобиль заводи қуриш режасини эълон қилди.
Тақдирини ўзи яратган инсон
BYD асосчиси Ван Чуанфу Хитойнинг энг қашшоқ ҳудудларидан бирида туғилган. Унинг отаси дурадгор бўлиб, Чуанфу 13 ёшлигида саратондан вафот этган. Икки йилдан сўнг онаси ҳам оламдан ўтган ва уни акаси билан опаси тарбиялаган.

Ван Чуанфу таълим орқали ҳаётини ўзгартиришга ишонарди. У ўз округидаги энг яхши ўқувчи бўлди ва университетга ўқишга кирган ягона талабага айланди. 1983 йилда у Чаншадаги Марказий-Жанубий Тоғ-металлургия университетига ўқишга кирди, кейинчалик Пекин Рангли металлургия илмий-тадқиқот институтида магистратурани тамомлади. Айнан шу институт BYD учун асосий таянч бўлди.
1990 йилда илмий тадқиқот институтида ишлай бошлаган Ван Чуанфу 26 ёшида институт тарихидаги энг ёш раҳбарга айланди. Шу йилларда у Япония ишлаб чиқарувчиларининг никель-кадмий батареялардан никель-металлгидрид ва литий-ион батареяларга ўтаётганини пайқади. Япония ичида уларни ишлаб чиқариш қимматга тушарди, Чуанфу эса Хитойда анча арзон ишлаб чиқариш йўлини топди.
1995 йилда у акаси билан бирга Шэньчжэнь шаҳрида Yadi Electronics компаниясига асос солади. Кейинчалик номига «B» ҳарфини қўшиб, компанияни рўйхатларда юқорироқ кўрсатишга эришади. Натижада, ҳозир танилган «BYD» бренди шаклланади.
Орзунинг пойдевори
Ван Чуанфу Япония моделидаги автоматлаштирилган ишлаб чиқариш ўрнига Хитойда арзонроқ қўлда ишлаб чиқариш тизимини яратади. Шундай қилиб, BYD батареялар ишлаб чиқариш таннархини 5-6 баравар камайтириб, Motorola ва Nokia каби компанияларга етказиб бера бошлайди.
2002 йилга келиб BYD никель-металлгидрид батареялар бозорининг 65 фоиз улушига эга бўлади. Шу йили компания BYD Элеcтрониcс Electronics брендини яратади ва телефон компонентлари ишлаб чиқаришга ўтади.
2003 йилда эса BYD автомобиль саноатига киради. Ўша пайтда Хитойда автомобиль ишлаб чиқарувчилар сони 28 тага етган эди ва ҳукумат янги брендларнинг киришини чеклайди. Шу сабаб Ван Чуанфу давлатга қарашли Norico компаниясидан Цинчуан автомобиль заводини сотиб олади ва BYD Auto’ни ташкил этади.
2005 йилда Toyota Corolla’нинг нусхаси бўлмиш BYD F3 модели ишлаб чиқарилади. Рақобатчилар бу машинани кулги билан қабул қилдилар, бироқ арзонлиги сабабли машина Хитой бозорида тез машҳурликка эришади. 2008 йилга келиб BYD F3 Хитойда энг кўп сотилган автомобиль бўлади.
Гибрид инқилоби ва электрлаштириш
2008 йилда Уоррен Баффет Berkshire Hathaway орқали BYDʼнинг 225 миллион акциясини сотиб олган ва компанияга 230 миллион доллар сармоя киритган. Бу, асосан, BYDʼнинг электромобиль бозорида ривожланиш режалари билан боғлиқ эди.
2006 йилда BYD Пекин автосалонида ўзининг биринчи электромобилини тақдим этади, аммо Хитойда ҳали инфратузилма мавжуд бўлмагани сабабли лойиҳа тўхтатилди. 2010 йилда компания биринчи гибрид автомобиль — BYD F3DM’ни ишлаб чиқара бошлайди.
Аммо 2011 йилда Хитой ҳукумати автомобиль бозорини чекловчи янги қоидаларни жорий этади ва BYDʼнинг сотувлари пасайиб кетади. 2011 йилги сотувлар 12 фоизга камаяди ва компания инқироз ёқасига келади.
Электр инқилоби ва Tesla’нинг келиши
2016 йилда BYD Alfa Rome, Audi ва Lamborghini дизайнери Волфганг Эггерни бош дизайнер сифатида ишга олади. Компания янги Dynasty модель қаторини ишлаб чиқди ва автомобилларининг сифати ҳам яхшиланади.
Ван Чуанфу литий-темир-фосфат (ЛФП) аккумуляторларини ишлаб чиқиш устида иш бошлайди. 2020 йилда BYD «Blade Battery» технологиясини жорий қилиб, арзон ва самарали батареяларни ишлаб чиқаришга киришади.
Айнан 2020 йилда Tesla Хитойда завод очади, бу эса Хитойда электромобиллар бозори ўсишига катта туртки беради. BYD сотувлари кескин ошади: 2021 йилда 75 фоиз, 2022 йилда эса 130 фоиз ўсиш кузатилади. 2023 йилга келиб, BYD электромобиль бозорида етакчига айланади ва Tesla’ни ортда қолдиради.
Шундай қилиб, 2007 йилда бутун саноат кулган компания глобал автомобиль бозорида етакчига айланади ва Хитойнинг қашшоқ ҳудудида туғилган етим бола мамлакатнинг энг бой кишиларидан бирига айланади.






