
Тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларини республиканинг исталган ҳудудидан амалга ошириш имконияти яратилади
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида, йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси амалиётга жорий этилади.

«Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжат божхона маъмуриятчилигининг шаффофлик ва ишончлилик тамойилига асосланган сифат жиҳатидан янги тизимни яратиш, божхона соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.
Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги» индексида божхона расмийлаштируви самарадорлиги кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўрнини 55-поғонадан паст бўлмаган даражага кўтариш;
- 2026 йилга қадар декларацияларни инсон омилисиз расмийлаштирув улушини 2 баробарга ошириш;
- 2028 йилга қадар божхона кўригини 21 фоиздан 15 фоизга тушириш;
- 2030 йилга қадар сунъий интеллект элементларидан фойдаланган холда хавфни бошқариш тизими самарадорлигини 2 баробарга ошириш.
Фармон билан божхона бошқарувидаги қуйидаги ўзгаришлар назарда тутилмоқда:
- Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида фитосанитария ва ветеринария органлари томонидан ташқи савдо юклари бўйича ўтказиладиган назорат функциялари божхона органлари томонидан мувофиқлаштирилади.
- Божхона органларига фитосанитария ва ветеринария назорати остидаги товарларни назоратдан ўтказиш ва кўздан кечириш учун ваколатли назорат органлари мутахассисларини жалб этиш ваколати берилди.
Ташқи иқтисодий фаолиятда қуйидаги қулайликлар назарда тутилмоқда:
2025 йил 1 майдан бошлаб ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳар қандай ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш ҳамда уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинди, барча тартиботлар электрон шаклда тасдиқлаш орқали амалга оширилади (товарлар экспортида халқаро шартномаларда қатъий белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига божхона тўловлари ва божхона расмийлаштируви учун бошқа турдаги тўловларни республиканинг исталган ҳудудидан амалга ошириш имконияти яратилади, бунинг учун ягона ғазна ҳисобварағи очилади.
2025 йил 1 декабрдан бошлаб божхона ҳудудида ёки ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимларида божхона юк декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини берувчи «Толлинг операциялари» модули амалиётга жорий этилади.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида, йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси амалиётга жорий этилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб «Ғишткўприк», «Зангиота» ва «Даут-Ата» ўтказиш пунктларида синов тариқасида автотранспорт воситалари учун икки йўлакли («яшил» ва «қизил») хавфларни бошқариш тамойилларига асосланган давлат назорат тартиботини қўллаш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда:
- «яшил йўлак» — хавф даражаси паст бўлган автотранспорт воситалари ва унга юкланган товарларни чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинишида, давлат назоратининг барча шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди, автотранспорт воситаси ва унинг ҳайдовчисига нисбатан амалга ошириладиган ҳужжатли назорат бундан мустасно;
- «қизил йўлак» — давлат назорати хавф даражаси юқори ва тасодифий танловда аниқланган автотранспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;
- «қизил» ёки «яшил» йўлаклар божхона органларининг «Хавфларни бошқариш» ахборот тизими орқали автоматик тарзда белгилаб берилади;
- ўтказиш пунктидаги давлат назорат органлари ходимлари томонидан «профайлинг» танлов асосида автотранспорт воситаларини божхона органларининг «Хавфларни бошқариш» ахборот тизимида «яшил» йўлакдан «қизил» йўлакка йўналтирилиб, тегишли назорат шакллари қўлланилади;
- мазкур тартибот Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган автотранспорт воситаларига нисбатан фақатгина инспекцион кўрик мажмуаси орқали назоратдан ўтказилганидан сўнг қўлланилади.
Мазкур амалиёт синов натижаларига кўра 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич автомобиль йўли ўтказиш пунктларида кучга киради.




