Тошкентда яшил ҳудудларни қандай кенгайтирса бўлади? Президент топшириғи ва дунё тажрибаси
Oxford economics нашрининг “Global shaharlar indeksi” рейтингида Тошкент шаҳри дунёдаги 1 мингта шаҳар орасида 471-ўринни эгаллаган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни ўтказилган йиғилишда маълум қилди. Шу муносабат билан мутасаддиларга ушбу рейтингда пойтахтимизни экологияси барқарор 300 та шаҳар қаторига олиб чиқиш бўйича тинимсиз шуғулланиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Белгиланган мақсадларга эришиш учун уч ой муддатда пойтахтнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш лойиҳаларини тайёрлаб, ишларни бошлаш топширилди. Шунингдек, 1 июнгача ҳар бир туманда 5 километрдан 3 тадан сояли сайр кўчалари фойдаланишга топширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, ҳар 10 та маҳалла учун 1 тадан яшил боғ барпо қилиш бўйича алоҳида дастур бошланиши маълум қилинди. Ушбу ёндашув яшил ҳудудларни шаҳар бўйлаб бир текис тақсимлашни мақсад қилади.
2026 йилда шаҳарда 18,5 километр канал қирғоқлари мустаҳкамланади. Бу ҳудудларда ҳам яшил зоналар ва сайилгоҳлар ташкил этишни ҳозирдан режалаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Бектемир, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган Чирчиқ дарёсининг 16 километр қисмини мустаҳкамлаш ҳисобига қўшимча 800 гектар майдон очилиши айтилди. Ушбу ҳудудларда 200 гектарда “яшил белбоғ”, 250 гектарда эса ички йўллар, сайилгоҳлар, пиёда ва велойўлаклар қурилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда таъкидланган режалардан яна бири — Тошкент шаҳрида 37 гектар майдонда Uchtepa City лойиҳаси амалга оширилади.
Давлат раҳбарига кўра, лойиҳа қиймати 1 миллиард доллар бўлиб, унинг доирасида замонавий меҳмонхона, бизнес марказлар, савдо-кўнгилочар мажмуа ва апартаментлар қурилади. Мазкур лойиҳа пойтахт инфратузилмасини янгилаш, хизматлар соҳасини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган.
Шу билан бирга, Чилонзор, Яккасарой ва Олмазор туманларида ҳам умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган шунга ўхшаш йирик лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди. Бу ҳудудларда ҳам шаҳарсозликнинг замонавий ёндашувлари жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Айни пайтда Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ва Яшнобод туманларида сунъий интеллект, стартап, финтех, молия, тиббиёт ва таълим соҳаларида 1 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ташаббуслар Тошкентни инновацион ва билимга асосланган иқтисод марказига айлантириш мақсадини кўзлайди.
Жаҳон тажрибаси қандай?
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, сув ва яшил ҳудудлар уйғунлиги шаҳар иқлимига сезиларли таъсир кўрсатади. Масалан, Сеул шаҳрининг марказида аввал бетон йўл билан ёпилиб қолган Чёнгичхон дарёси қайта тиклаб, унинг атрофида 2005 йилда улкан яшил сайлгоҳ барпо этилди. Натижада шаҳарнинг бу ҳудудидаги ҳарорат атрофидаги кўчаларга нисбатан ўртача 3–6°C га пастлагани қайд этилди. Янги оқим ва яшиллик туфайли ҳаво айланиши яхшиланиб, майда зарарли чанг заррачалари миқдори 35% га қисқарди.

Япониянинг Фукуока шаҳри ҳам Тошкент учун айниқса қизиқарли ўрнак бўла олади. XX аср охиригача Фукуока марказидаги ҳудудлар асосан бетон билан қопланган, автомобиллар ва офис бинолари устун бўлган зоналар эди. Натижада шаҳар маркази иссиқ, шовқинли ва пиёдалар учун ноқулай маконга айланган.
2000 йиллардан бошлаб шаҳар ҳокимияти “шаҳар марказини яшиллаштириш” стратегиясини танлади. Аввалги йўллар ва эскирган бинолар ўрнида очиқ сув ҳудудлари, марказий боғлар ва пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Бугун Фукуока марказидаги Тенжин ҳудуди сув, яшил майдон ва савдо зоналари бирлашган жонли шаҳар маконига айланган.

Бундан ташқари, маҳаллалардаги кичик боғлар ва соябонли сайр йўлаклари аҳоли саломатлиги учун ҳам жуда фойдали. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, шаҳарларда ҳар бир инсон уйидан пиёда 5–10 дақиқалик масофада кичик бўлса-да бирор яшил масканга эга бўлиши керак. Кўчалардаги дарахтлар ва яшил майдонлар юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари хавфини камайтириши, шунингдек, одамларнинг руҳий ҳолатини яхшилаши илмий жиҳатдан тасдиқланган. Шундай экан, Тошкент туманларида ҳар бири 5 километрга чўзилувчи сояли сайр кўчалари ва ҳар ўнта маҳаллага биттадан боғ барпо этилиши пойтахт аҳолисининг турмуш сифати ва соғлиғи учун катта ижобий самара бериши кутилмоқда.
Вертикал шаҳарлашув
Яна бир муҳим тамойил – шаҳарнинг ўсишини “горизонтал” эмас, балки “вертикал” йўлда давом эттиришдир. Оддий қилиб айтганда, шаҳарни кенгайтириш учун чексиз янги ерларни ўзлаштириш (чекка ҳудудларни қурилишга бериш) ўрнига, мавжуд марказий ҳудудларнинг ўзида баланд бинолар қуриб, ривожланишни тепага қараб йўналтириш назарда тутилмоқда. Тошкент шаҳрининг марказида келгусида кўпроқ осмонўпар турар-жой ва офис бинолари пайдо бўлса, аҳоли ва иш ўринлари шу ернинг ўзида жамланиб, шаҳар атрофга эмас, “бўйига” ўсади. Бу ёндашувнинг афзалликлари кўплаб мутахассислар томонидан эътироф этилган: вертикал ривожланиш шаҳар ер ресурсини тежайди, янги ер майдонларини эгалламайди ва уларни яшил маскан сифатида сақлаб қолиш имконини беради.
