Тошкент офис бозори бир йилда қандай ўзгарди?
2025 йилда Тошкент офис бозори барқарорлашди — бўш майдонлар ҳажми сезиларли қисқариб, ижара ставкалари ошди. Янги объектлар ишга туширилиши чекланган шароитда талаб тобора сифатли ва қулай жойлашувга эга офисларга йўналмоқда.
2025 йил Тошкент офис бозори учун босқичма-босқич барқарорлашув даври бўлди. Ишга тушириш ҳажмларининг сезиларли қисқаришига қарамай, бўш офислар сони камайди, ижара ставкалари эса мўътадил ўсди. Бу ҳақда тижорат кўчмас мулки соҳасидаги консалтинг компанияси — Commonwealth Partnership Uzbekistan (CMWP) ҳисоботида айтилган. Мутахассислар фикрича, бозорда талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат тикланаётгани унинг барқарорлашаётганидан далолат беради.
Йил якунига кўра, Тошкент офис бозорининг умумий ҳажми 754,4 минг кв метрни ташкил этди. Бу кўрсаткичга барча қаватлар, деворлар, техник ва умумий зоналар (GBA) киритилган. Шундан 591,2 минг кв метр ижарага берилиши мумкин бўлган майдонлар (GLA) ҳиссасига тўғри келади.
«GBA форматида умумий майдонни кўрсатиш офис бозори кўламини ва девелоперлик фаолиятини тўғри англаш учун муҳим. Айнан GBA умумий зоналар, муҳандислик ва техник хоналарни ҳам ўз ичига олган ҳолда қурилган кўчмас мулкнинг ҳақиқий ҳажмини акс эттиради», — деди Gazeta мухбирига CMWP таҳлилчиси Данил Маринов.
Йил давомида ижарага яроқли офис фонди 54,6 минг кв.метрга, ёки 10,2 фоизга ошди. Бу ўсиш фақат янги объектларни ишга тушириш ҳисобига таъминланди. Шу билан бирга, янги қурилиш ҳажмлари сезиларли даражада камайди: 2025 йилда тахминан 54 минг кв.м офис майдонлари фойдаланишга топширилди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 60 фоизга кам.
Девелоперлар учун асосий муаммолардан бири сифатли ер участкалари танқислигича қолмоқда — айниқса, транспортга қулай, ишбилармонлик локацияларида жойлашган ва офис кўчмас мулки қуришга яроқли ер майдонлари марказий ҳамда ишбилармонлик туманларида жуда чекланган. Ер участкалари таклифининг камлиги ва уларга бўлган юқори талаб нархларнинг кескин ошишига олиб келмоқда, бу эса лойиҳалар иқтисодиётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.
«Қўшимча қийинчиликлар муҳандислик тармоқларига уланиш билан боғлиқ: захира қувватлар йўқлиги сабабли биноларни электр энергияси ва сув билан таъминлаш мушкул, коммуникациялар ўтказиш учун рухсат олиш эса инфратузилманинг ортиқча юкланиши туфайли жуда қийин. Буларнинг барчаси лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини узайтиради ва харажатларни оширади», — деди Данил Маринов.
Йилнинг асосий якунларидан бири — бўш офис майдонлари ҳажмининг кескин қисқариши бўлди. Данил Мариновнинг Gazeta`га айтишича, бунга янги таклифларнинг анча камайиб кетгани ва бозорнинг мавжуд биноларни тўлдиришга йўналгани сабаб бўлган. 2025 йил охирига келиб, бўш қолган офис майдонлари 94,9 минг кв.метрни ташкил этди, бу барча офисларнинг тахминан 16 фоизи демакдир. Солиштириш учун, 2024 йил охирида мазкур кўрсаткич 25 фоиз — ёки 136,7 минг кв.м бўлган. Бир йил ичида бўшлик даражаси 9 фоиз бандига қисқарди.
Ўзбекистон тижорат кўчмас мулки бозорида офис бинолари A, B/B+ ва C синфларга ажратилади:
- A — шаҳар марказида жойлашган, замонавий, инфратузилмаси ривожланган офислар;
- B+ — юқори сифатли, реконструкция қилинган, кўпинча тарихий биноларда жойлашган, яхши жиҳозланган офислар;
- B — реконструкция қилинган ёки эски биноларда жойлашган, асосий қулайликларга эга, таъмири кўп ҳолларда ижарачи томонидан амалга ошириладиган, одатда ишбилармонлик туманларида, аммо марказда эмас, автотураргоҳ ва яхши транспорт қатновига эга объектлар;
- C — офис кўчмас мулкининг бюджет сегменти бўлиб, кўпинча совет даврида қурилган бинолар ёки минимал даражада офисларга мослаштирилган собиқ саноат объектларидан иборат.
Тошкентда энг кўп бўш офис майдонлари ҳалигача B/B+ ва A/A+ сегментлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, B/B+ синфида 51,3 минг кв.м, A/A+ сегментида эса 41,4 минг кв.м майдон бўш қолмоқда.
Бир йил олдин бу кўрсаткичлар юқорироқ эди: B/B+ синфида 56,6 минг кв.м, A/A+ синфида эса 74,7 минг кв.м. Шундай қилиб, A/A+ сегментида бўшлик қарийб икки баравар — 44,6 фоизга, B/B+ сегментида эса 9,4 фоизга қисқарган. Буэса айнан сифатлироқ офисларга бўлган барқарор талабдан далолат беради.
Тошкент офис бозори ҳамон ўрта нарх сегментига йўналтирилган. B ва B+ синфидаги офислар ижарага яроқли барча майдонларнинг тахминан 69 фоизини ташкил этади. A ва A+ синфидаги юқорироқ тоифали офислар улуши эса 22 фоизга тенг.
Йил охири ҳолатига кўра, бозорда ижара ставкалари диапазони (ҚҚС, эксплуатация ва коммунал харажатлар ҳисобга олинмаган ҳолда) қуйидагича бўлди:
- A/A+ сегментида — ойига 1 кв.м учун 30−40 доллар;
- B/B+ сегментида — 20−35 доллар.
Умуман бозор бўйича ижара ставкалари 2024 йилга нисбатан ўртача 7,1 фоизга ошган. CMWP маълумотларига кўра, бунга бўш майдонлар улушининг қисқариши ҳамда офис мулки эгалари томонидан ижара бўйича кутилмаларнинг қайта кўриб чиқилгани сабаб бўлган.
«Аввал кутилмалар анча эҳтиёткор эди», — деди Данил Маринов.
Кўрсаткичлар яхшиланганига қарамай, янги офис майдонлари бозор томонидан бир хил суръатда тўлдирилмаяпти. Ижарачилар, аввало, тайёр таъмирга эга офисларни танламоқда. Таъмирсиз бинолар эса секинроқ тўлдирилмоқда. CMWP маълумотларига кўра, айнан шу омил янги таклифнинг тўлиқ ўзлаштирилишини чеклаб, вакантликнинг янада тезроқ камайишига тўсқинлик қилмоқда.
«Муҳит офисни ходимлар учун янада жозибадор қилади ва бизнеснинг кундалик фаолиятини енгиллаштиради. Инфратузилма кўп ҳолларда биноларнинг расмий синфидан ҳам муҳимроқ бўлиб, офис майдонларининг ликвидлиги ва талаб юқорилигига бевосита таъсир кўрсатади», — деди Данил Маринов.
CMWP таҳлилчисининг қўшимча қилишича, ижарачилар офис марказлари атрофидаги инфратузилмага ҳам катта эътибор қаратади. Кафе, банклар, сервис хизматлари ҳамда жамоат транспортига яқинлик ходимлар ва мижозлар учун қулайлик яратиб, компанияларнинг операцион харажатларини камайтиради.
2025 йил якунига кўра, бозорда талабнинг дифференциацияси — ижарачилар эҳтиёжларининг хилма-хиллиги кучаймоқда. Энг катта қизиқиш марказий ишбилармонлик туманларида жойлашган, сифатли таъмирга эга офисларга тўғри келмоқда. Айнан шундай объектларда ижара ставкалари ўсмоқда ва тўлдирилиш суръати юқори. Аксинча, эски офислар ҳамда жозибадорлиги паст локациялардаги лойиҳалар нарх босимига дуч келиб, умумий вакантлик камайиб бораётганига қарамай, ижарачиларни секинроқ топмоқда.
2025 йилда Тошкент офис бозори барқарорлашув босқичига кирди.Янги қурилиш ҳажмлари камайди, вакантлик қисқарди ва ижара ставкалари ўсишда давом этмоқда. Бу омиллар биргаликда бозорда янада мувозанатли манзарани шакллантирмоқда.
