Президент банкларнинг маҳалладаги ишидан мутлақо норози эканини айтди
Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ҳар бир маҳаллада қандай иш кетаётгани, қандай ўзгариш бўлаётганини назорат қилиш вазифаси қўйилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Йиғилишда давлат раҳбари банкларнинг маҳалладаги ишидан мутлақо норози эканини билдирди. Шу боис, Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари ва давлат банклари филиаллари бошлиқларининг фаолиятига қатъий эътироз билдирилди.
Вилоят ва туман банклари ҳамда маҳалла уюшмалари учун бу йил синов ва амалий аттестация йили бўлади. Кейинги уч ойда натижа қилган раҳбар ишида қолади, ўзгариш қилмагани эса лавозимини тарк этади.
Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ҳар бир маҳаллада қандай иш кетаётгани, қандай ўзгариш бўлаётганини назорат қилиш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, маҳаллаларда озодалик, яшаш маданияти ва ҳовлилар билан ишлаш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Ҳовли уйларни ҳам бошқарув компаниялари фаолияти билан қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари одамлар бизнес бошлаб, экспортга чиқиши учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади. Ҳозир 51 та вазирлик ва идорада 322 та йўналишда молиявий жарима қўллаш ваколати бор. 2024-2026 йилларда қарийб 3 триллион сўмлик жарима қўлланилган.
Президент жазо қўллайдиган ташкилотлар масъулларининг онги ва дунёқараши ўзгариши зарурлигини таъкидлади. Улар тадбиркорни жазолашдан олдин унга имконият бериш ва тўғри йўл кўрсатишни ўрганиши керак.
Ташқи бозорда рақобат кучаяётган шароитда ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар учун тўлов ҳамда йиғимларни камайтириш масаласи ҳам кўтарилди.
Мисол сифатида бир фура гилосни экспорт қилишда божхона йиғими, фумигация, сертификат ва декларант хизмати учун 5 миллион сўмгача қўшимча харажат қилинаётгани айтилди.
Барча вазир ва тармоқ раҳбарларига бир ҳафтада тизимидаги бюрократия, жарима, тўлов ва йиғимларни кескин камайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни Президент Администрациясига киритиш топширилди.
