Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга 20,2 млрд сўм мукофот берилди
Энг кўп мукофот пули Тошкент шаҳрида келиб тушган мурожаатчиларга берилган — 4 миллиард 422 миллион 500 минг сўм. Энг ками эса мурожаатлар сони ҳам кам бўлган Сирдарё вилояти аҳолисига тўланган — 1 миллиард 500 минг сўм.
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь—июнь ойларида солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларга 31 174 та ҳолат бўйича 20,2 млрд сўм мукофот тўланган.
Солиқ қўмитаси матбуот хизмати ахборотига кўра, бу олти ой давомида Soliq Mobile иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 63 714 та мурожаат келиб тушган.
Шундан:
- 51 974 таси харид чеки бермаслик;
- 2 149 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
- 135 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш;
- 9 456 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича.
Мурожаатларнинг 19 040 таси такрорий бўлгани ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётгани сабабли кўриб чиқилмаган. Мурожаатлар асосида 41 687 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99,5 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган.
Энг кўп мукофот пули Тошкент шаҳрида келиб тушган мурожаатчиларга берилган — 4 миллиард 422 миллион 500 минг сўм. Энг ками эса мурожаатлар сони ҳам кам бўлган Сирдарё вилояти аҳолисига тўланган — 1 миллиард 500 минг сўм.

2025 йилда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларга ундирилган жарима суммасидан 20 фоизи — 33,7 миллиард сўм мукофот тўланганди.
