«Эркин бозор шароитида бу ўзини оқламайди» — Марказий банк айрим банкоматларда комиссия оширилгани ҳақида
Марказий банк айрим банкоматларда тажриба тариқасида комиссия миқдори оширилганига муносабат билдирди.
Ўзбекистондаги айрим банкоматларда тажриба тариқасида 1 миллион сўмгача бўлган маблағни нақдлаштиришда 1 фоиз, ундан ортиқ суммага оширилган комиссия қўлланаётгани ҳамда унга жамоатчиликнинг муносабати тўғрисида хабар берилганди. Марказий банк ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Регуляторнинг таъкидлашича, банкоматлардан нақд пул ечиш учун комиссия тўловлари тижорат банклари томонидан банкоматга хизмат кўрсатиш харажатларидан келиб чиқиб мустақил белгиланади ва бугунги кунда 1 фоиздан ошмайди.
Марказий банкнинг тушунтиришича, айрим тижорат банки томонидан алоҳида бир банкоматда эксперимент тариқасида табақалашган юқори комиссия тўлови ўрнатилган бўлса, эркин бозор шароитида бу ўзини оқламайди.
«Зеро, бошқа банкоматларда комиссия тўлови 1 фоиз ёки ундан паст қилиб белгилангани сабабли истеъмолчилар арзон хизматидан фойдаланишни афзал кўради», дейилади муносабатда.
Қўшимча қилинишиа, байрам кунлари муносабати билан республика ҳудудидаги 9500 дан ортиқ банкоматларнинг узлуксиз ишлаши ва етарли миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш чоралари кўрилган.
Марказий банк ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан маълумотларни тарқатишда уларнинг ҳақиқийлигини ҳамда тизимдаги хизматлар кўламига таъсирини инобатга олишни сўраган.