Франция компанияси Тошкентда савдо тармоғини очмоқчи
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича директор Эрван Хуард бошчилигидаги Groupe Casino компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. У шаҳарда савдо тармоғини очишдан манфаатдор эканини таъкидлаб, пойтахт ҳокимлигининг кўмагига умид билдирди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида 24 январь куни пойтахт ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича директор Эрван Хуард бошчилигидаги Groupe Casino компанияси (Франция) вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шароф Раҳмонов Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик чакана савдо тармоқлари ҳақида гапирар экан, Groupe Casino ҳам Ўзбекистонда муносиб ўрин эгаллаши мумкинлигини айтди.

Шунингдек, Эрван Хуард самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ва гипер, супер ва минимаркетларнинг кенг тармоғига эга бўлган энг йирик француз чакана савдо тармоқларидан бири бўлган Groupe Casino ҳақида маълумот берди. У Тошкент шаҳрида савдо тармоғини очишдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб, пойтахт ҳокимлигининг кўмагига умид билдирди.

Конструктив ва дўстона мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида ҳокимлик вакиллари хорижий компанияни қўллаб-қувватлашга, хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлими кўмагида маҳаллий ҳамкорлар билан учрашув ташкил этишга тайёр эканлигини маълум қилди.






