Илон Маск яна 1,05 млрд долларлик акцияларини сотди
Tesla раҳбари жами қиймати 9,8 миллиард доллардан ортиқ бўлган акцияларни сотган

Tesla бош директори Илон Маск ўз акцияларининг яна бир қисмини 1,05 миллиард долларга сотди. Буни АҚШ Қимматли қоғозлар комиссияси (SEC) маълумотлари тасдиқлайди.
Қайд этилишича, компания раҳбари жами қиймати 9,8 миллиард доллардан ортиқ бўлган акцияларни сотган. «Vc.ru»нинг ёзишича, 23 ноябрь кунининг ўзидаёқ Tesla қимматли қоғозлари қиймати 4 фоизга — қарийб 1,1 минг долларга тушган.
Ҳозирда Техас резиденти бўлган Маск аввалроқ Tesla’нинг қарийб 7 миллиард долларлик акцияларини сотган, деб ёзади The Wall Street Journal. Тадбиркор авваллари яшаган Калифорния тез орада унга сотувнинг 85 фоизи учун солиқ ҳисоб-фактурасини юборади.
Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) веб-сайтида «миллиардерларга бир марталик мурожаат» эълон қилинди. Дастур уларни «42 миллион одамни очликдан қутқариш» учун 6,6 миллиард доллар хайрия қилишга чақирди.
Шундан сўг Илон Маск БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) вакилларидан буни қандай амалга ошириш мумкинлигини тушунтиришни сўради. Маск ўз сўровини Twitter’га жойлаштирди ва ишончли жавоб бўлса, ўзининг Tesla’даги акцияларини сотишга ваъда берди.
«Агар WFP ушбу Twitter саҳифасида 6 миллиард доллар дунёдаги очликни қандай ҳал қилишини аниқ тасвирлаб бера олса, мен ҳозироқ Tesla акцияларини сотаман ва буни амалга ошираман», — деб ёзган Маск.
Аввалроқ Илон Маск 6 миллиард доллар дунёдаги очликни йўқота олишига шубҳа билдириб, агар бу исботланча, ўзининг Tesla’даги акцияларини сотишга тайёрлигини маълум қилганди.






