Ўзбекистонда янги авиакомпания ташкил этилмоқда. У Uzbekistan Airways’га рақобатчи бўлмайди
Silk Avia ўзини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиаташувчисига рақобатчи сифатида кўрсатмайди

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Uzbekistan Airports Silk Avia минтақавий шўъба авиакомпаниясини ташкил этмоқда. Янги авиаташувчи келаси йилдан парвозларни бошлашни режалаштирган.
Silk Avia авиакомпанияси шу йилнинг сентябрь ойида рўйхатга олинган ва 14–18 ноябрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Dubai Airshow-2021 кўргазмаси доирасида Uzbekistan Airports ва HAS Aviation GT ўртасида авиаташувлар стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзоланган эди.
Хабарга кўра, минтақавий авиакомпаниянинг ташкил этилиши Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ички туризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ўз навбатида аҳолининг авиация ҳаракатчанлиги коэффициентининг ошишига таъсир қилади.
Қайд этилишича, янги авиакомпания минтақавий аэропортларни ривожлантириш учун ҳам зарур. Шунинг учун биринчи босқичда у Uzbekistan Airports бошқарув компанияси томонидан яратилган. Келгусида авиакомпанияни хусусий секторга ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, Silk Avia ўзини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиаташувчисига рақобатчи сифатида кўрсатмайди, балки ички ташишларни ташкил этишда ҳамкор сифатида ишлайди.
Аввалроқ Uzbekistan Airports «Транспорт ва логистика — 2021» 17-халқаро кўргазмаси майдонларида IPG компанияси билан аэропорт фаолиятини бошқариш тизимлари ва қуйи тизимларини етказиб бериш ҳамда жорий этиш бўйича шартнома имзолаганди.






