Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови тўхтатилди
Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови 1 февралдан вақтинча тўхтатилди. Бунга Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабаб бўлган
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 2022 йилнинг 26-30 декабрь кунлари ўтказилган музокаралар давомида 2023 йилнинг 1 февралига қадар Афғонистон ҳудудидаги техник ишларни босқичма-босқич Афғон темир йўллари ишчилари томонидан амалга оширилиши бўйича «Ҳаракатлар режаси» келишилган эди.
«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг хабар беришича, Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли 1 февралдан бошлаб ушбу мамлакатга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилди.
Қайд этилишича, Ғалаба—Ҳайратон темир йўли очилиши ҳақидаги маълумотлар тўлдирилади.
Эслатиб ўтамиз, Sogdiana Trans ШК ва Афғон темир йўл бошқармаси ўртасида томонлар бажарадиган ишлар рўйхати икки томонлама келишилиб, 2023 йилнинг 27 январига қадар янги шартнома имзоланишига келишилиб, тегишли баённома имзоланган.
Маълумот учун, Афғонистондаги Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўли 2010 йилда қурилиб, 2011 йилдан бошлаб Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлининг барча хизматлари Sogdiana Trans томонидан амалга оширилмоқда.