Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларни кутиб олиш учун бир нечта зоналар қурилади
Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали ёнидаги P2 ва P3 автотураргоҳларида тахминан, март ойининг охирига қадар йўловчиларни кутиб олувчилар учун иккита янги ҳудуд қурилади

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали ёнидаги P2 ва P3 автотураргоҳларида йўловчиларни кутиб олувчилар учун иккита янги ҳудуд қурилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йўловчилар оқимининг жадал суръатларда ўсиб бораётгани муносабати билан, яқинлари ва дўстлари билан учрашиш учун келганларга учиб келиш терминалида ажратилган ҳудуд етарли бўлмай қолган.
«14 январдан бошлаб қаттиқ совуқ туфайли республика аэропортлари аэровокзал биносига одамларни кутиб олиш учун рухсат олди. Илгари такидланганидек, 2018 йилда қурилган учиб келиш зали халқаро стандартларга жавоб бермайди, у ерда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган. Бир неча кун ичида биз божхона зонасини кутиб олиш зонасидан ажратиш чораларини кўрдик. 400 квадрат метр майдон ҳар куни аэропортга яқинларини кутиб олишга келганлар учун жуда торлик қилди. Одамларнинг кўплиги кутиб олувчилар учун ҳам, ‘жонли’ йўлакдан ўтишга мажбур бўлган йўловчилар учун ҳам ноқулайликлар туғдирди. Йўловчилар ва хавфсизликни таъминловчи хизматлардан жуда кўп шикоятлар келиб тушди. Бу вақт давомида биз кутиб олувчилар учун янги ҳудуд лойиҳаси устида ишладик. Аммо биргина бино вазиятни сезиларли даражада ўзгартирмаслигини англаб етдик», — деди Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Хусусан, тахминан, март ойининг охирига қадар умумий майдони қарийб 1400 квадрат метр бўлган иккита шундай ҳудуд қурилади — бири мавжуд соябонлар ўрнига, иккинчиси — кетиш ва келиш заллари оралиғидаги П2 автотураргоҳида. Яқин кунларда аэропорт олди майдонида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш режалаштирилган.
Аввалроқ Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Tax Free тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Бу орқали турли тоифадаги товарлар учун йўловчига ҚҚС суммасининг 90 фоизигача кешбэк қайтарилиши мумкин.






