UZCARD Sber500 билан Ўзбекистон венчур капитал бозорини ривожлантиради
Томонлар мамлакатга венчур капитал сармояларини жалб қилишда кўмаклашади.

UZCARD Ўзбекистон Республикасида венчур капитал бозорини ривожлантириш мақсадида Сбер500 акселератори билан ҳамкорлик шартномаси тузди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, келишув доирасида томонлар стартап экотизимини ривожлантириш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва мамлакатга венчур капитал сармояларини жалб қилишга кўмаклашишга келишиб олган.
Шунингдек, Ўзбекистон стартаплари учун Сбер томонидан 500 Global (Америка венчур компанияси ва фонди) билан биргаликда ўтказилаётган Сбер500 халқаро акселераторининг тўртинчи тўлқинига ариза топшириш муддати 14 февралгача узайтирилган.
Сбер500 халқаро акселераторда иштирок этиш — бу Сбер экотизимида ва умуман Россия бозорида тажрибани ишга тушириш ва ечимни кенгайтириш, бутун дунёдаги менторлардан тажриба орттириш ва Fort Ross Ventures (АҚШ) ) ҳамда UZCARD Ventures корпоратив венчур фондидан инвестициялар жалб қилиш имконияти.
Акселерация дастури 10 ҳафтага мўлжалланган ва гибрид форматда ўтказилади: 500 та стартап учун bootcamp ва 50 та стартап учун Growth Hacking босқичи онлайн тарзда бўлиб ўтади. Якуний босқич 500 Global менторлари билан биргаликдаги индивидуал ишлар Москвада офлайн тарзда ўтказилади.
«Аввалги учта «тўлқин»нинг битирувчилари аллақачон 10 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғди ва Сбербанк ҳамда акселератор ҳамкорлари билан 2 мингдан ортиқ шартномалар имзолади», дейилади хабарда.






