
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд даража — қарийб 48 млрд долларга етди
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати бир ойда 2,91 млрд долларга ёки 6,47 фоизга ошди.

Март ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд даража — 47,85 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати бир ойда 2,91 млрд долларга ёки 6,47 фоизга ошди. Натижада кўрсаткич жорий йилнинг февраль ойида ўрнатилган рекордни янгилади.
Олтин захиралари қиймати 2 млрд доллардан ортиққа — 36,88 млрд долларга кўпайиб, янги қиймат рекордини ўрнатди. Бироқ, унинг физик ҳажми 12,18 млн трой унция (379,45 тонна) дан 11,82 трой унция (367,09 тонна) га камайган.
Ўтган ойда Ўзбекистоннинг валюта захиралари ҳам $883,06 млнга ошди. Уларнинг ҳажми 10,41 млрд долларни, шу жумладан, бошқа мамлакатлар марказий банклари ва ХВЖдаги ҳисоб рақамларида 358,98 млн долларни ҳамда хорижий банкларда 9,85 млрд долларни ташкил этди.
Бундан ташқари, Марказий банк томонидан харид қилинган қимматли қоғозлар қиймати бир ойда бироз ошиб, 203,12 млн долларга етди.




