Ўзбекистонда 1 январдан кўчмас мулк объектлари қиймати у жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб белгиланади
Солиқ қўмитасига уй-жойларнинг минимал нархларини уларнинг таннархидан келиб чиқиб, ер қийматини ҳисобга олмаган ҳолда жорий этиш таклиф қилинган: бетон уйлар учун — 4,6 млн сўм, ғиштли уйлар — кв.метри учун 5,6 млн сўм.
Солиқ қўмитаси уй-жойларни сотиш нархини пасайтириб кўрсатиш ҳолатлари сабабли кўчмас мулк объектлари бўйича солиқ базасини бозор қиймати асосида аниқлаш амалиёти жорий этилганини изоҳлади. Бу ҳақда 17 декабрь куни қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.
Ўзбекистон қурувчилар уюшмаси раиси Мансур Ниёзмуҳамедов президентнинг яқинда қабул қилинган фармони билан 2026 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк объектлари ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базасини товарларнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш амалиёти жорий этилаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу объектнинг жойлашган ҳудуди ва жойидан келиб чиқиб белгиланади.
Ниёзмуҳамедовнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳри бешта ҳудудга, уй-жойлар эса бир нечта — эконом, комфорт ва премиум каби сегментларга бўлинади. Шундан келиб чиқиб, уюшма раиси қурувчилар янги тартиб доирасида қандай механизм асосида ишлашига қизиқди.
«Масалан, кимдир уй-жойнинг ҳар бир квадрат метрини $800 дан, бошқаси эса $2000 дан сотаётган бўлса, солиқ базаси қандай аниқланади?», — деди у.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов аввалроқ Солиқ қўмитасига уй-жойларнинг минимал нархларини уларнинг таннархидан келиб чиқиб, ер қийматини ҳисобга олмаган ҳолда жорий этиш таклиф қилинганини айтди: бетон уйлар учун — 4,6 млн сўм, ғиштли уйлар — кв.метри учун 5,6 млн сўм. «Бундан арзон уй йўқ», — дея аниқлик киритди у.
Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг тушунтиришича, янги тартиб тегишли идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган, ҳозирда ҳукумат томонидан кўриб чиқилмоқда. Механизм сегментига қараб, уй-жойларнинг минимал ўртача нархларидан келиб чиқади.
«Сиз айтаётган [ҳар кв.метри] $800 ёки $2000 га сотиладиган [уй-жойлар] бўлса, қани эди? Бизда шундай ҳолатлар борки, масалан, Мирзо Улуғбек туманида айрим яхши қурилган уйларнинг ҳар бир квадрати 14 минг сўмдан сотилган. Бу 40 млн сўмга 200 кв.метрлик квартира сотилган, дегани. Бундай ҳолат билан сиз айтаётган $800 ёки $2000 лик ҳолат ўртасида ер билан осмонча фарқ бор», — деди Абдиев.
Қўмита раиси ўринбосари янги тартиб квадрат метри $800 ёки $2000 дан сотилаётган уй-жойларга таъсир қилмаслигига ишонтирди. «Ўртача нарх белгиланади, ундан баландига [солиқ органларида] ҳеч қандай эътирозлар бўлмайди», — дея таъкидлади у.
Қурувчилар уюшмаси раҳбари эса ўртача нархлардан воз кечиб, уй-жойларни сегментлашга ўтишни таклиф қилди ва тегишли таклифлар Қурилиш вазирлигига аллақачон юборилганини таъкидлади. Ҳар бир классификация доирасида уй-жой мос келиши керак бўлган асосий талабларни тасдиқлаш таклиф қилинмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов эксроу тизими ишга туширилгач, лойиҳа тўлиқ экспертизадан ўтказилиши кераклигини айтди. Солиқ базаси маржа ва таннарх ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
«Бундан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Масала, шу орқали ҳал қилинади», — дея хулоса қилди у.
