Ford Mustang электромобилини ишлаб чиқаришни уч баравар оширади
Mustang Mach-Es электромобилига бўлган талаб ортиб кетган.
Ford келаси йили Mustang Mach-Es электромобилини ишлаб чиқаришни кўпайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Жим Фарли ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилган.
Қайд этилишича, компания «ақл бовар қилмайдиган талабни» қондириш учун 2023 йилга келиб, ишлаб чиқариш қувватини уч баробар оширишни режалаштирмоқда.
«Ақл бовар қилмайдиган талабни қондириш учун Mustang Mach’ни тез ишлаб чиқариш қийин, лекин биз, албатта, ҳаракат қиламиз. Шу сабабли, 2022 йилдан бошлаб биз ишлаб чиқаришни кўпайтириб, 2023 йилда Шимолий Америка ва Европа учун йилига 200 мингдан ортиқ донага етказишни кутмоқдамиз. Бу 2021 йилга нисбатан 3 баравар кўпдир», — дейди Фарли.
Ford TechCrunch нашрига, Мексиканинг Куаутитлан шаҳридаги заводида баъзи автомобилларни йиғиш орқали Mustang Mach-Es учун ишлаб чиқариш қувватини ошириши мумкинлигини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, сентябрь ойида компания 2030 йилга келиб ўз автомобилларининг ярмини электромобилга айлантиришни ваъда берган. Бу учун Ford ва Кореянинг SK Innovation компаниялари иккита янги завод қурилишига 11,4 миллиард доллар сарфлайди. Янги заводларда компания мавжуд моделларни ҳам йиғади: Mustang Mach-E ва Ford E-Transit.
Аввалроқ Bugatti Sur Mesure шахсийлаштириш дастурини ишга туширгани хабар қилинганди.