Elektron va qog’ozdagi cheklarning summalarini tahrirlashga ruxsat berildi

12:03 · 15.07.2024

Konsolidatsiyalashgan byudjet ijrosini tashqi auditdan o’tkazish taklif etildi

15:59 · 10.07.2024

O’zbekistonda energiya resurslaridan me’yoridan ortiq foydalanganlik uchun javobgarlik belgilanishi mumkin

14:57 · 10.07.2024

Raqobat qo’mitasi tomonidan “Ipotekabank”ga nisbatan ish ochildi

13:01 · 10.07.2024

O’zbekistonda ayrim yo’l harakati qoidalarini buzganlik uchun jarima miqdorini oshirish taklif etildi

17:45 · 09.07.2024

Yaqin istiqbolda oylik iste’mol me’yori miqdorining oshirilishiga asos mavjud emas — Energetika vazirligi

15:46 · 09.07.2024

O’zbekiston energetika bozorida monopoliya bekor qilinadi

13:37 · 09.07.2024

O’zbekistonning oltin-valyuta zaxiralari kamaydi

12:43 · 09.07.2024

O’zbekistonda ishsizlik darajasi 2020-yildagi 10,5 foizdan 2024-yilga kelib 6,8 foizga tushdi — bandlik vaziri

12:03 · 09.07.2024

“Mening bog’im” loyihasi g’oliblari aniqlandi (ro’yxat)

18:12 · 08.07.2024

Boeing kompaniyasi 243,6 mln dollar jarima to’laydi

16:07 · 08.07.2024

Avtomobillar uchun ekostikerlar joriy qilish haqidagi qaror 2025-yilga qoldirildi

14:30 · 08.07.2024

“Maxam-Chirchiq” Ajga nisbatan narxlarni asossiz oshirish holati bo’yicha ish qo’zg’atildi

11:08 · 08.07.2024

Iyun oyida “Cobalt” uchun tuzilgan shartnomalarning 57 foizi bekor qilingani maʼlum boʻldi

15:45 · 05.07.2024

Elektr quvvatining ortqicha hisoblanish holatlari Raqobat qo’mitasi tomonidan o’rganiladi

14:45 · 05.07.2024

Madaniyat vazirligi Ozodbek Nazarbekovning kiyim do’koni reklamasida suratga tushganiga munosabat bildirdi

14:11 · 05.07.2024

5 oy ichida 2,2 mln O’zbekistonlik turistik maqsadlarda chet elga chiqqan — Statistika agentligi

12:58 · 05.07.2024

Pavel Durov “Hamster Kombat” oʻyini boʻyicha yangilikni eʼlon qildi

12:16 · 05.07.2024
Таҳлил 15:31 · 05.02.2023

Ҳафталик дайжест: Усмоновнинг «МегаФон»ига «кўз тиккан» «Ростелеком», қадрсизланган сўм, Telegram’нинг «эгизаги» — Humo

Kommers.uz ҳафтанинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади

Ҳафталик дайжест: Усмоновнинг «МегаФон»ига «кўз тиккан» «Ростелеком», қадрсизланган сўм, Telegram’нинг «эгизаги» — Humo

2023 йил февраль ойининг илк ҳафтаси ҳам ниҳоясига етмоқда. Kommers.uz якунланаётган ҳафта Ўзбекистон ва дунёда содир бўлган воқеаларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.

Тадбиркорлар ўзларининг фаолиятидаги текширувлар юзасидан маълумот олиши мумкин

Тадбиркорлар ўзларининг фаолиятидаги текширувлар юзасидан маълумот олиши мумкин. Бу бўйича «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ишга туширилган.

Фото: Google Images

Ахборот тизими орқали тадбиркорлар учун қуйидаги имкониятлар яратилди:

  • ўз фаолиятида ўтказилган ёки ўтказилиши режалаштирилган текширувлар тўғрисидаги маълумотни интернет тармоғи ва мобил иловалардан, Telegram-бот ва SMS-хабар тарзида олиш;
  • ҳар бир текширув юзасидан текширувни ўтказган назорат органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш, ғайриқонуний ҳаракатлар, жумладан коррупция ҳолатлари ҳақида шикоят бериш;
  • текширувларни рўйхатга олиш китобини электрон форматда тўлдириш.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари текширув ҳақидаги маълумотларни Telegram’даги @tekshiruvinfo_bot орқали ёки SMS тарзида 4064 қисқа рақамга СТИР рақамини юбориш орқали билиб олиши мумкин.

Uzbekistan Airways март ойидан Милан ва Парижга авиақатновларни тиклайди

Uzbekistan Airways 2023 йил 28 мартдан бошлаб Тошкент—Милан—Тошкент ва 31 мартдан Тошкент—Париж—Тошкент йўналишида авиақатновларни амалга оширишни бошлайди. Парвозлар ҳафтада икки марта — сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Фото: Google Images

Қайд этилишича, Тошкент—Милан йўналишида авиачипталар 4 391 000 сўмдан, Тошкент—Милан—Тошкент йўналишида эса 6 084 752 сўмдан бошланади. Тошкент—Париж йўналишида эса авиачипталар 4 317 000 сўмдан, Тошкент—Париж—Тошкент йўналишида эса 6 337 975 сўмдан бошланади.

ИЛМА Марказий банк раисининг крипто-активлар ҳақидаги фикрлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов томонидан тақдим этилган маълумотларнинг эскирганини ҳамда ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Фото: Telegram

Эслатиб ўтамиз, 26 январь, пайшанба куни Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтганди.

Матбуот анжуманида Марказий банк раҳбари «Крипто-активларга келсак, шуни айтишим керакки, Марказий банк бутун дунёда бўлгани каби крипто-активлар масаласига ҳам консерватив ёндашади. Биз криптовалютани қимматли актив деб ҳисобламаймиз ва унга муносабатимиз салбий. Ва биз крипто биржаси мавжудлигини аниқлаганимиз ва унинг қоидалари бизнинг резидентларимизга крипто-активларини сотиб олиш / сотишда бевосита иштирок этишига имкон бермайди», деганди.

«Марказий банк крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланмайди, шу сабабли унинг вакиллари Марказий банк томонидан тартибга солинмаган соҳага оид баёнотлар беришга ҳақли эмас», дейилади баёнотда.

Шунингдек, Марказий банк раҳбари ўз нутқида маҳаллий аҳолининг крипто-активларни сотиб олишда бевосита иштирок эта олмаслиги ҳақида гапирганида эскирган ва ишончсиз маълумотларни келтирган.

Хусусан, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 2019 йил 6 декабрдаги 172-сон буйруғи билан крипто-биржаларни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидалари тасдиқланди. Мазкур қоидаларда Ўзбекистон резидентлари крипто-биржаларда фақат крипто-активлар ва токенларни сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган.

Бундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 2021 йил 11 ноябрдаги 34-сон буйруғи билан Крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилиб, унда Ўзбекистон резидентларига крипто-биржаларда крипто-активлар ва миллий валютадаги токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини амалга ошириш ҳуқуқи, ҳамда Ўзбекистон резидентлари бўлмаган шахслар билан фақат крипто-активлар ва чет эл валютасига токенларни сотиш бўйича операциялар ҳуқуқи тақдим этилди.

Кейинчалик юқоридаги қоидалар ўз кучини йўқотган деб топилди ва унинг ўрнига Крипто-биржада крипто-активлар савдосини амалга ошириш қоидалари қабул қилинди, мазкур қоидаларнинг 5-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржалар электрон платформаларда миллий валютада крипто-активлар савдосининг барча турларини, шу жумладан тўғридан-тўғри савдо қилиш майдончасида крипто-активларни сотиш ва сотиб олиш бўйича операцияларни амалга ошириш, Ўзбекистон резидентлари бўлмаган шахслар билан фақат крипто-активларни чет эл валютасига сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

«Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги юқоридагиларни инобатга олиб, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, давлат органлари вакилларига ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликни тавсия қилади. Агентлик крипто-активлар муомаласи соҳаси ўзига хос хусусиятларга эга эканлиги сабабли ҳамда нотўғри талқинларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасига доир маълумотлар юзасидан белгиланган тартибда бевосита Агентлик билан боғланишни сўрайди», дейилади хабарда.

Ўзбек сўми бир йилда долларга нисбатан 3,9 фоизга қадрсизланди

Ўзбекистонда 2022 йил давомида миллий валюта 3,9 фоизга қадрсизланди.

Маълум қилинишича, 2022 йил давомида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф факторлари,
шу билан бирга, ташқи ва ички омилларнинг таъсирида шаклланган.

Хусусан, март ойининг дастлабки ҳафталарида хорижий валютага нисбатан талаб сезиларли даражада ошиши натижасида миллий валюта айирбошлаш курси йил бошига нисбатан 7 фоизгача қадрсизланиши кузатилди. Бу жаҳондаги геосиёсий кескинликларнинг юзага келиши, савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг қадрсизланиши ҳамда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлари девалвацион кутилмаларининг ортиши фонида кузатилган.

«Бунда, пул-кредит сиёсатининг ўз вақтида қатъийлаштирилиши валюта бозорининг барча сегментларида хорижий валютага талабнинг сезиларли даражада пасайишига ва таклифнинг ортишига таъсир кўрсатган бўлса, мослашувчан алмашув курси ташқи шокларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилди», дейилади Марказий банк хабарида.

Умуман олганда, 2022 йил давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан тебраниши 10 801–11 572 доллар/сўм диапазонида шаклланди ва 3,9 фоизга қадрсизланди.

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Ўзбекистон коррупция билан боғлиқ халқаро индексдаги рейтингини яхшилади

Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти «Коррупцияни қабул қилиш индекси»нинг 2022 йил натижаларини эълон қилди.

Ўзбекистон коррупция билан боғлиқ халқаро индексдаги рейтингини яхшилади
Фото: Transparency International

Қайд этилишича, Ўзбекистон 180 давлат орасида 31 балл билан 126-ўринни эгаллади. Мамлакат баллари 3 тага ошиб, ўрни 14 поғонага яхшиланди (2021 йилда 140-ўрин). Шунингдек, республика мазкур индексда сўнгги 6 йил давомида ўсиш суръатларини қайд этаётган (2017 йилда 22 баллдан 2022 йилда 31 баллгача) давлат сифатида Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасининг аксилкоррупция ислоҳотларини тизимли равишда амалга ошираётган давлатлар қаторида қайд этилди.

Бунда 0 балл коррупцияни қабул қилишда энг юқори кўрсаткич, 100 балл энг паст шкала ҳисобланади.

Абдулазиз Комиловнинг ўғлига тегишли компания собиқ «Қўқонспирт»ни сотиб олди

«Қўқон биокимё» АЖ устав капиталидаги 99,7 фоиз давлат акциялар пакети 277,0 миллиард сўмга First Premium Alliance МЧЖга сотилди.

Фото: kokandbiokimyo.uz

Маълум қилинишича, давлат улушининг 99,7 фоизини хусусийлаштириш учун аризаларни қабул қилиш 2022 йил январь ойида бошланган. UzAssets инвестиция компанияси Deloitte компаниясини маслаҳатчи сифатида, Dentons компаниясини эса юридик ёрдам учун жалб қилди.

Маҳаллий ва халқаро инвесторлардан жами тўртта ариза келиб тушди. Уларнинг исмлари ошкор этилмаган. Натижада давлатга тегишли 99,7 фоиз улуш 277 миллиард сўмга (24,5 миллион долларга яқин) First Premium Alliance компаниясига сотилди.

Маълумотларга кўра, First Premium Alliance алкоголли ичимликлар улгуржи ва чакана савдосига ихтисослашган компания ҳисобланади. Бугунги кунда компания Legion, Lavini ва Duty Free халқаро аэропорти каби йирик савдо тармоқлари билан ҳамкорлик қилади. Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, First Premium Alliance МЧЖ 2020 йил декабрь ойида ташкил этилган. Асосий фаолият тури — алкоголли ичимликлар улгуржи савдоси. Ягона таъсисчиси — Дониёр Абдулазизович Комилов.

Марказий банк 2022 йилда 34 тонна олтин сотиб олди

Жаҳон олтин кенгаши World Gold Council (WGC) маълумотларига кўра, Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилда олтин захираларини 34 тоннага оширди.

Марказий банк 2022 йилда 34 тонна олтин сотиб олди
Фото: «aol.com»

Қайд этилишича, Марказий банк 2022 йилни олтин сотувчиси сифатида бошлаган ва уни харидор сифатида якунлаган. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистон (6 тонна) ва Тожикистон (4 тонна) асосий харидорга айланган. IV чоракда турли мамлакатлар марказий банклари томонидан олтинни соф харид қилиш ҳажми 417 тоннани, иккинчи ярим йилликда жами харидлар эса 862 тоннани ташкил этди.

Қозоғистон 2022 йили энг кўп олтин сотувчи бўлди: мамлакат қимматбаҳо метал захираларини 51 тоннага камайтириб, 352 тоннани (умумий заҳиранинг 58 фоизи) ташкил этди.

Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови қачон тикланиши маълум қилинди

Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови 1 февралдан вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ғалаба—Ҳайратон темир йўли қачон очилишига аниқлик киритди.

Фото: Telegram

Маълум қилинишича, Афғонистон томонидан Ҳайратон станциясида амалга оширилиши лозим бўлган техник ишлар белгиланган муддатларда амалга оширилмагани тўғрисида хеч қандай тушунтириш берилмаган.

«Sogdiana Trans ШК томонидан тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик автомобиль транспорти орқали юклар ташувини ташкиллаштиришда ёрдам беришига қарамай, қўшни давлат томони тадбиркорларга юкларни автомобиль транспорти орқали ташимаслик тўғрисида тавсия бераётгани хақида маълумотлар келмоқда», дейилади ахбротда.

«Ўзбекистон темир йўллари»га кўра, Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбариятининг илтимосига кўра кейинги ҳафта бошида Термиз шаҳрида Афғонистонга темир йўл орқали юкларни ташишни ташкил этиш, Ҳайратон станциясига етказиб бериш ва олиб чиқишни ташкил этиш бўйича Sogdiana Trans ва Афғонистон темир йўл бошқармаси ўртасида янги шартнома имзоланиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, шартнома имзоланган кундан бошлаб Ғалаба—Ҳайратон темир йўли очилиши маълум қилинди.

Ўзбекистонда 2 февралдан бошлаб газ «заправка»лар фаолияти босқичма-босқич тикланади

Ўзбекистонда 2023 йил 2 февралдан бошлаб маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган рўйхат асосида АГТКШлар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Фото: Google Images

Эслатиб ўтамиз, аномал совуқ кунларда табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, бугунги кунда газ қувурларида босимнинг меъёрга келиши натижасида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан бир маромда таъминлаш имкони яратилмоқда.

АГТКШларнинг фаолият юритиш вақти ҳудудлар шароитидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган тарзда амалга оширилиши қайд этилди.

Тошкент шаҳри ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан пойтахт ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади.

Фото: Google Images

Қарорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқармалар, туман ҳокимлари билан биргаликда Тошкент шаҳрида 2023 йилда амалга ошириладиган инвестиция, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид лойиҳаларнинг ҳамда яратиладиган янги иш ўринларининг туманлар кесимидаги рўйхатини ва уларни амалга ошириш бўйича «йўл харита»ларини тасдиқлайди.

Туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ёшлар агентлиги шаҳар бошқармаси, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш
бошқармаси, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда туманда ишга тушган инвестиция лойиҳалари асосида яратилган янги иш ўринлари ва корхона, ташкилотларни кенгайтириш ҳисобига яратилган бўш иш ўринларига ишчи гуруҳ томонидан аниқланган банд бўлмаган аҳоли жойлаштирилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари мажмуаси, Бандлик бош бошқармаси, Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси, олий таълим муассасаси ректорлари, туман ҳокимлари 2023 йилда битирувчиларни рўйхатини шакллантириш, бандлигига кўмаклашиш ва эгаллаган касблари бўйича бўш иш ўринларига ишга жойлаштиришни амалга оширади.

2023 йилнинг ҳар чорагида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилади.

Yandex Go Ўзбекистонда янги хавфсизлик функциясини ишга туширди

Yandex Go’нинг Kommers.uz’га маълум қилишича, компания Ўзбекистонда янги хавфсизлик функцияси — ҳайдаш манёврини назорат қилишни ишга туширди.

Фото: Telegram

Қайд этилишича, махсус моделлар ҳайдовчи иловасида акселерометрдан олинган маълумотларни қайта ишлайди ва манёврларнинг силлиқлигини баҳолайди. Aгар ҳайдовчи мунтазам равишда қаттиқ «тормоз» берса, бўлакларни ўзгартирса ёки жуда тез ҳаракатланса, тизим унга секинроқ ҳайдаш учун огоҳлантириш юборади. Шунингдек, ҳайдовчи ҳайдаш услубини ўзгартирмаса, тизим унинг буюртмаларга киришини чеклаши мумкин.

Yandex Go биринчи натижаларни сарҳисоб қилган. Унга кўра, тизимли равишда кескин манёврларни амалга оширувчи ҳайдовчилар улуши икки баравар камайган.

Шунингдек, келгусида ҳайдовчилар ва йўловчиларни қўшимча бепул суғурта қилиш тизими ҳам режалаштирилган.

Туркманистон Ўзбекистонга суюлтирилган газни бепул беради

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг тегишли фармонига кўра, Türkmengaz Ўзбекистонга суюлтирилган газни ёрдам сифатида бепул беради.

Фото: Google Images

«Türkmengaz давлат концернига дўстона ва биродарлик ёрдами сифатида суюлтирилган газнинг тегишли ҳажмини Ўзбекистон Республикасига бепул ўтказиш топширилди», дейилади фармонда.

Шунингдек, суюлтирилган газ ҳажмига аниқлик киритилмаган.

Telegram’дан бирга-бир кўчирилган «миллий мессенжер». Humo дастурчилари ушбу ҳолатга изоҳ берди

Ўзбекистонда Humo номли миллий мессенжер ишга туширилди. Унинг дизайни ва интерфейси худди Telegram’никига ўхшайди. Ушбу мессенжер дастурчилари у нима сабабдан бундай кўринишда яратилганига изоҳ берди.

«‘Биз бошида қанақа мессенжер қиламиз, нималарга эътибор берамиз, қанақа қулайликлари бўлиши керак?’ деган фикрларни илгари сурдик. Жуда кўпчиликнинг фикри Telegram мессенжерига яқинлашаверди», — дейди Unicon Soft дастурчиси Даврон Турсунов.

Шунингдек, у янги Humo мессенжерининг кодлари Telegram’дан кўчирилганми, деган саволларга жавоб бериб кетган.

«Telegram’нинг айнан клиент коди очиқ кодли бўлиб, лицензияланган ҳисобланади. Дастурлаш оламида очиқ кодлардан фойдаланиш жуда ҳам кенг йўлга қўйилган. Биз ҳам инсонларга қулай бўлишини мақсад қилиб, Humo мессенжерининг UI’ни Telegram’никига ўхшатдик. Одамлар осон мослашиб, тушуниши учун», — дейди у.

Қайд этилишича, Humo мессенжерининг сервер қисми нолдан ёзилиб, миллий криптографик стандартлар қўлланган ҳолда ишлаб чиқилган. Унинг кодларининг муаллифлик ҳуқуқи Unicon Soft’га тегишли.

Ҳозирги кунда фуқаролар, ҳаттоки давлат органи ходимлари хизмат ёзишмалари серверлари хорижи давлатларда жойлашган мессенжерлардан фойдаланиб келади. МЧЖ раҳбари Шерзод Ҳабибуллаевнинг қайд этишича, бу ахборот хавфсизлиги талабларига тўғри келмайди.

«Humo мессенжери учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмаган. Ушбу мессенжер Unicon Soft’нинг ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган», — дея қўшимча қилди Ҳабибуллаев.

«Миллий мессенжер» ўз кўриниши билан Telegram’дан фарқ қилмаслиги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Хусусан, блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ушбу мессенжернинг яратувчисига савол билан юзланди:

«Айтишларича, ушбу миллий мессенжер давлат хизматчилари учун хавфсиз экан. АКТга масъул бўлган ташкилотларимиз тизимни текшириб, сертификат ҳам берибди.

‘Ооо, зўрку, ваниҳоят миллий мессенжер ишлатар эканмизʼ, дея хурсанд бўлиб, ўша дастурни ишлатмоқчи бўлдим. Аммо дастурни очишим билан, бу Telegram’ми ёки Humo’ми, деб адашиб қолдим. Шоввозларимиз бирга-бир Telegram’дан кўчиришибди. Яна номи Ўзбекистоннинг миллий мессенжери эмиш… Unicon Soft’га биттагина саволим бор: бу шармандаликка қандай чидайсизлар?»

Скриншот: Humo Messenger

Шунингдек, «Бургут» Telegram канали ҳам қуйидагича муносабат билдирган:

«UniconUz фан техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази деган давлат унитар корхонаси Humo деган миллий мессенжер яратишибди. Яратишибди десак, уят бўлар, шунчаки Telegram’дан бор бўйича кўчириб ‘яратдик’ деб мақтанишибди.

Соҳага масъул бўлган вазирлик тизимни текшириб, давлат хизматчилари учун хавфсиз деб топиб унга сертификат ҳам берибди.

Энди ушбу кўчирма дастурга давлат ташкилотлари ҳар бир ходим учун ойига 25 минг 200 сўмдан абонент тўлови тўлаши керак экан.

АКТ вазирлигини номидан бошқа ҳеч нарсаси ўзгармаганини шундан ҳам билса бўлади. Эссиз, шунга кетган пул…»

Скриншот: Humo Messenger

Мессенжернинг ишлаб чиқувчиси — Unicon Soft МЧЖнинг 25 фоиз улуши Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Unicon.uz Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази унитар корхонасига тегишли. Қолган 75 фоизнинг эгаси эса 4 нафар жисмоний шахс таъсисчилигидаги Prosoft МЧЖ ҳисобланади.

Президентнинг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони 1-иловаси 87-бандида ушбу миллий мессенжерни ишлаб чиқиш ва вазирлик тизимида синов тариқасида жорий этиш учун «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси» маблағларидан фойдаланиш кўрсатилган.

Дунёда нима гаплар?

«Ростелеком» Алишер Усмоновга тегишли USM Group’дан «МегаФон»ни сотиб олмоқчи

«Ростелеком» миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM Group’дан «МегаФон»ни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Фото: Google Images

Маълум қилинишича, операторга бошқа даъвогарлар ҳам бор, USM эса аллақачон телекоммуникация активларини қайта тузишни бошлаган. Экспертларнинг таъкидлашича, бу бизнеснинг қийматига энди иқтисодий вазият ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар таъсир кўрсатмоқда ва асосий технологик активларнинг давлатга ўтказилиши хавфларни камайтиришга ёрдам беради.

Давлат операторининг активга бўлган қизиқишини яна учта бозор иштирокчиси тасдиқлайди.

«Компанияга ҳар доим талабгорлар бўлиши мантиқан тўғри. Албатта, ҳар қандай таклиф ва сотиш имкониятлари кўриб чиқилади, лекин, албатта, ҳамма нарса муайян шартларга боғлиқ», деди USM’га яқин манба.

Федерал монополияга қарши хизмат эса «Ростелеком» «МегаФон»ни сотиб олиш учун ариза бермагани ҳақида хабар берди. Шунингдек, «Ростелеком», «МегаФон» ва USM Group изоҳ беришдан бош тортган.

Renault—Nissan альянси қайта ташкил этилади

Франциянинг Renault автоконцерни ва Япониянинг Nissan компанияси 1999 йилда ташкил этилган альянсини қайта ташкил этишга келишиб олди.

Фото: Reuters

Келишув доирасида Renault Nissan’даги улушини 43 фоиздан 15 фоизгача пасайтиради ва Япония компаниясига «аксарият қарорлар учун овоз бериш ҳуқуқи нейтралланган» француз трастининг 28 фоиз улушини беради. Шу билан бирга, Renault ушбу акцияларни сотгунга қадар иқтисодий ҳуқуқларни, шу жумладан, дивидендлар ва сотишдан тушган тушумларни сақлаб қолади.

Nissan, ўз навбатида, электромобиллар ва электромобиллар учун дастурий таъминот бозорида Renault томонидан асос солинган Ampere компаниясига сармоя киритмоқда. Баёнотда сармоя миқдори ошкор этилмаган, бироқ Nissan Ampere компаниясининг стратегик акциядорига айланиш ниятида эканлиги кўрсатилган.

Шунингдек, Renault ва Nissan Лотин Америкаси, Ҳиндистон ва Европадаги асосий автомобиль ва технология лойиҳаларида ҳамкорликни давом эттиради.

Осиёнинг энг бой миллиардерлари рўйхатида етакчи ўзгарди

Ҳиндистонлик миллиардер Гаутам Адани «корпоратив фирибгарлик» айбловлари ортидан Adani Group компаниялари акциялари тушиб кетгани сабабли Осиёнинг энг бой тадбиркорлари рўйхатида етакчиликни қўлдан бой берди. Ўтган кун давомида Аданининг бойлиги яна 11,2 миллиард долларга (76,8 миллиард долларгача) камайди ва у Forbes Real-Time реал вақт режимида янгиланган маълумотларига кўра, дунёдаги энг бой одамлар рейтингида 14-ўринга тушиб кетди.

Фото: Reuters

Эндиликда Осиёдаги энг бой одам нефтни қайта ишлаш, чакана савдо ва телекоммуникация соҳасида бойлик орттирган яна бир ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбани ҳисобланади. Унинг капитали 83,6 миллиард долларга баҳоланган. Рейтингда учинчи ўрин, шунингдек, 69,3 миллиард доллар бойлиги билан хитойлик тадбиркор Чжун Шаньшанга (ичимлик суви ширкати эгаси) насиб этган.

Маълум қилинишича, 1 февраль, чоршанба куни Мумбай биржасида Adani Group флагман компаниясининг Adani Enterprises акциялари 28,2 фоизга арзонлашди.

Эслатиб ўтамиз, 24 январгача Адани Forbes’нинг дунёнинг энг бой одамлари рейтингида учинчи ўринда эди. Ўшандан бери унинг бойлиги деярли 50 миллиард долларга камайди. Бунга Hindenburg Research инвестиция тадқиқот гуруҳининг Adani Group’даги вазият бўйича эълон қилинган танқидий ҳисоботи сабаб бўлди.

Таҳлилчилар Adani Group фаолиятида шубҳали амалиётлар ва молиявий фирибгарлик белгиларини аниқлаган. Бу инвесторларнинг ишончига путур етказди ва бунинг оқибатида холдинг таркибига кирувчи компанияларнинг акциялари пасая бошлади. Шундай қилиб, Adani Enterprises қимматли қоғозлари қиймати 27 январь куни ким ошди савдосида 19 фоизга арзонлади. Уларнинг ортидан Ҳиндистоннинг бошқа конгломератлари ва банклари акциялари ҳам пасайишни бошлади — мамлакатнинг 50 та энг йирик компанияси акциялари ҳолатини акс эттирувчи NSE Nifty 50 индекси савдолар якунига қадар 1,6 фоизга йўқотди, бу эса Осиёдаги энг ёмон кўрсаткич бўлди.

Adani Group ҳисоботни «обрўга путур етказиш» ва акцияларга бўлган талабни камайтиришга қаратилган «нотўғри маълумотлар ва эскирган, асоссиз ва обрўсизлантирувчи даъволарнинг зарарли комбинацияси» деб атади. 413 саҳифалик раддияда Adani Group айбловларни «фақатгина компанияга эмас, балки Ҳиндистон мамлакатига қасддан қилинган ҳужум» ва унинг ривожланиш тарихи сифатида рад этди. Hindenburg Research бунга жавобан компанияни Ҳиндистон байроғини ниқоб сифатида ишлатиб, «миллатни тизимли равишда талон-торож қилишда» айблади.

АҚШ Федерал захира тизими базавий ставкани 2022 йил март ойидан бери минимал даражага кўтарди

АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) базавий ставка оралиғини 0,25 фоиз пунктига кўтариб, йилига 4,5-4,75 фоизгача оширди.

Фото: Reuters

2023 йилнинг 1 февралида бўлиб ўтган йиғилишда ставканинг оширилиши кетма-кет саккизинчи ва 2022 йилнинг март ойидан бери минимал кўрсаткич ҳисобланади, ўшанда АҚШ Федерал захира тизими пул-кредит сиёсатини қаттиқлаштириш циклини бошлаган. Ўсиш суръати кетма-кет иккинчи марта секинлашди: 2022 йил июнь-ноябрь ойларидаги йиғилишларда ҳар сафар ставка 75 асосий пунктга ошган бўлса, декабрда — 50 базавий пунктга, ҳозир — 25 базавий пунктга.

Регулятор аста-секин пасайиб бораётган инфляцияга қарши кураш сиёсатини кучайтирмоқда. 2022 йил декабрь ойида АҚШда нархлар 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 6,5 фоизга ошди, бу 2021 йил октябрь ойидан бери бир йилдан кўпроқ вақт давомидаги минимал кўрсаткичдир. Нархларнинг ўсиши 2022 йил июнь ойида энг юқори чўққига (9,1 фоиз) чиққандан кейин кетма-кет олтинчи ой секинлашди. Шунга қарамай, бу кўрсаткич ҳали ҳам АҚШ Федерал захира тизимининг 2 фоизлик кўрсаткичидан анча юқори.

Маълумотларга кўра, базавий ставканинг оширилиши 2007 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Reuters’нинг маълум қилишича, ўшанда Америка иқтисодиёти узоқ давом этган ва чуқур таназзул ёқасида бўлган.

Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.

Elektron va qog’ozdagi cheklarning summalarini tahrirlashga ruxsat berildi
Молия 12:03 · 15.07.2024
Elektron va qog’ozdagi cheklarning summalarini tahrirlashga ruxsat berildi
Konsolidatsiyalashgan byudjet ijrosini tashqi auditdan o’tkazish taklif etildi
Иқтисодиёт 15:59 · 10.07.2024
Konsolidatsiyalashgan byudjet ijrosini tashqi auditdan o’tkazish taklif etildi
O’zbekistonda energiya resurslaridan me’yoridan ortiq foydalanganlik uchun javobgarlik belgilanishi mumkin
Янгиликлар 14:57 · 10.07.2024
O’zbekistonda energiya resurslaridan me’yoridan ortiq foydalanganlik uchun javobgarlik belgilanishi mumkin
Raqobat qo’mitasi tomonidan “Ipotekabank”ga nisbatan ish ochildi
Янгиликлар 13:01 · 10.07.2024
Raqobat qo’mitasi tomonidan “Ipotekabank”ga nisbatan ish ochildi
O’zbekistonda ayrim yo’l harakati qoidalarini buzganlik uchun jarima miqdorini oshirish taklif etildi
Янгиликлар 17:45 · 09.07.2024
O’zbekistonda ayrim yo’l harakati qoidalarini buzganlik uchun jarima miqdorini oshirish taklif etildi
Yaqin istiqbolda oylik iste’mol me’yori miqdorining oshirilishiga asos mavjud emas — Energetika vazirligi
Янгиликлар 15:46 · 09.07.2024
Yaqin istiqbolda oylik iste’mol me’yori miqdorining oshirilishiga asos mavjud emas — Energetika vazirligi